Жамиятга жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида маълумот

“Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти, Минтақавий пахта терминаллари ва тизимдаги корхоналар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.                      

2018 йил 1 чораги давомида Жамиятга жисмоний ва юридик шахслардан жами 662 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 269 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасидан келган мурожаатлар, 277 таси ёзма ҳамда 99 таси оғзаки (шахсий, сайёр ҳамда ишонч телефон) мурожаатлардир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали  Жамиятга келиб тушган 269 та мурожаатлар вилоятлар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп мурожаатлар Қашқадарё – 53 таси (19,7%), Сурхондарё – 31 таси (11,5%), Самарқанд – 30 таси (11,1%) вилоятларига тўғри келади.

Кўриб чиқиш натижаларига кўра, мазкур мурожаатларнинг 3 таси ҳалқ қабулхоналаридан, 266 таси Виртуал қабулхонадан келиб тушган бўлиб, 89 таси қаноатлантирилган, 4 таси кўрмасдан қолдирилган ва 134 тасига тушунтириш бериш йўли билан ҳал этилган бўлса, 42 мурожаатни кўриб чиқиш жараёни давом этмоқда.

Ёзма мурожаатлар ҳудудлар бўйича таҳлил қилинганда, уларнинг асосий қисми Қашқадарё – 88 та (22,3%), Сурхондарё – 33 та (8,3%),  Тошкент 46 (11,7%) та, Андижон 32 – та (8,1%) ва Самарқанд - 30 та (7,6%) вилоятларига тўғри келмоқда.

Ҳисобот даврида келиб тушган жами мурожаатларнинг 391 (59,1%) таси жисмоний шахслар, 271 (40,9%) таси юридик шахслар улушига тўғри келади.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, келиб тушган  мурожаатларнинг асосий қисмини молиявий-иқтисодий масалалар (эски йиллардаги қарздорлик бўйича) 29,9%, шунингдек, меҳнатга оид муносабатлар 16,3 %, ишлаб чиқариш ва соҳага  фан-техника ютуқлари, янги технологияларни жорий этиш масалалари бўйича 16,1 % ва махсулот олиш юзасидан (пахта, тола, улюк, пух, чигит ва бошқалар) 11,1 % ни ташкил этмоқда.

Шунингдек, “Ўзпахтасаноат” АЖ раҳбарияти томонидан жорий йилнинг март ойида Қашқадарё вилояти ва Бухоро вилоятларида сайёр қабуллар ўтказилиб, жами 14 нафар жисмоний ва юридик шахс вакиллари қабул қилиниб, 11 та мурожаат қаноатлантирилган ва 3 та мурожаат ҳуқуқий маслаҳат бериш йўли билан ҳал этилган.       

Мурожаатлар билан ишлашда Жамият ижро этувчи аппарати ва Минтақавий пахта терминаллари фаолияти устидан идоравий назорат ва талабчанликни кучайтириш мақсадида тизимли мониторинг ўрнатилган. Минтақавий пахта терминаллари томонидан кўриб чиқилган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги ҳисоботлар ойлик ҳамда ҳар чорак якуни билан, шахсий қабуллар бўйича ҳисоботлар эса ҳар ҳафтада қабул қилиниб,  ўрганилиб ҳамда умумлаштирилиб борилмоқда. Мониторинг натижалари эса даврий равишда Жамият ижро этувчи аппарати йиғилиш мажлислари, Бошқарув раиси ва Бошқарув раиси ўринбосари ҳузурида ўтказилган  йиғилишларда муҳокама этилиб, зарурий чоралар кўриб борилмоқда.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларни кўриб чиқишда камчиликларга йўл қўйган 8 нафар масъул ижрочи ходимларга нисбатан интизомий чоралар қўлланилган. Шулардан 7 нафарига “ҳайфсан” интизомий жазоси берилган бўлиб, 1 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.

 

          “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти Матбуот хизмати