Шрифт ўлчами: A A A
Сайт ранги: A A A A

Президент боғча ерларидан фойдаланмоқчи бўлган “хомхаёл” тадбиркорларни танқид остига олди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 февраль куни мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича  кўрилаётган  чора-тадбирлар  натижадорлиги таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президент расмий сайти хабар бермоқда.

Йиғилишда давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат боғчалар тармоғини кенгайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Ҳудудларга бириктирилган тижорат банклари ва тадбиркорлар томонидан 2018 йилда жами 222 минг нафар болага мўлжалланган 3 мингдан зиёд нодавлат болалар боғчасини ташкил этиш режалаштирилган. Шундан 1 минг 200 таси янги қуриладиган бинода, 1 минг 360 таси мавжуд биноларда ва 470 таси уй боғчаси сифатида ташкил этилади.

Жойларда бу борада қатор ишлар бошлангани, лекин Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Навоий вилоятларида суст бораётгани қайд этилди. Айрим раҳбарларнинг узоқни кўра олмаслиги ва давлат сиёсатини тушунмаслиги оқибатида ишлаб турган давлат боғчаларини хусусийлаштириш ва тадбиркорларга бериб юборишга уриниш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса аҳолининг ўринли ва жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда.

Шу боис тадбиркорларга ишламай турган боғчаларни бериш, бинони таъмирлаб ва жиҳозлаб ишлатиш вазифасини қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Хусусий боғча учун яхши жойдан ер, бино ва имтиёзли кредит олиб, қурилган ёки таъмирланган бинодан 1-2 йилдан кейин бошқа мақсадда фойдаланаман, деган “хомхаёл” билан юрган “қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар” ҳам бор, деди Президентимиз. Шу сабабли ҳокимликлар хусусий боғчалар учун ер ва бино ажратиш, банклар эса кредит бериш тўғрисидаги ўз қарорларида бундай бинолардан камида 15-20 йил давомида боғча сифатида фойдаланиш зарурлиги тўғрисидаги шартларни назарда тутиши керак.

Давлат-хусусий шериклик асосида хусусий боғчалар ташкил этиш бўйича ҳам қатор вазифалар белгиланди.

Молия вазирлигига Нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасини тузиш, Жамғарма маблағларини нодавлат болалар боғчалари учун бино ва иншоотларни харид қилиш, янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларига имтиёзли ставкада кредит ажратишга йўналтириш топширилди.

Мактабгача таълим вазирлигига давлат-хусусий шериклик асосида боғчаларни ташкил этиш моделлари, давлат ва хусусий шерикнинг хуқуқлари ва мажбуриятлари, боғчаларни малакали кадрлар билан таъминлаш бўйича низом лойиҳасини ишлаб чиқишни тезлаштириш вазифаси қўйилди.
Ҳокимликлар ва банкларга 2018 йилда ташкил этиладиган 3 мингдан зиёд хусусий боғчанинг ҳар бири бўйича ер, бино ва кредит ажратиш, боғчаларни ишга тушириш муддатлари аниқ белгиланган жадвалларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлатиш юзасидан кўрсатма берилди

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech