Президент АКТ соҳаси бўйича янги фармонни имзолади

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик деб юритилади) ҳамда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг: 

Республика ахборот-кутубхона маркази, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот-кутубхона марказларини Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тасарруфига ўтказиш; 

“Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг маркази” давлат муассасасини Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тузилмасига бериш; 

“Матбуот тарқатувчи” АКни белгиланган тартибда “Ўзбекистон почтаси” АЖга қўшиш масаласини “Матбуот тарқатувчи” АК ва “Ўзбекистон почтаси” АЖ акциядорларининг умумий йиғилишларида қўйиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди. 

Вазирлик икки ҳафта муддатда ўтказилаётган ташкилотларнинг штат бирликлари ва бинолари, шунингдек, уларга тегишли бўлган товар-моддий бойликлар, шу жумладан пул маблағларининг Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигига берилишини таъминлайди. 

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси Вазирлик ҳузуридаги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича инспекция этиб қайта ташкил этилди. 

Инспекция ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида қонунчилик, фонограммалар, аудиовизуал асарлар, электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурларни тарқатишда муаллифлик ҳуқуқларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органи ҳисобланиши белгиланди. 

2018 йил 1 апрелдан Инспекцияга қонунчилик ва бошқа норматив ҳужжатлар, давлат стандартлари талаблари ҳамда алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида тақдим этилаётган хизматлар сифатининг бузилиш ҳолатлари тўғрисидаги маълумотларни аниқлаш, олиш ҳуқуқи берилди. 

Белгилаб қўйилишича:
 
а) 2018 йил 1 июндан: 

тадбиркорлик субъектлари товарлар, ишлар (хизматлар) экспорт қилинганлиги учун экспорт шартномаси тузмасдан ва банк комиссияси ундирилмасдан, Интернет тармоғидаги электрон савдо майдончалари орқали, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича айрим товарлардан ташқари, товарлар, ишлар (хизматлар) экспортини амалга ошириш ҳуқуқига эга; 

тадбиркорлик субъектлари томонидан электрон тижоратдан фойдаланиш орқали сотиладиган товарлар айланмаси уларнинг ҳажмидан қатъи назар, чакана савдо ҳисобланади; 

б) ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида халқаро консалтинг компаниялари ва экспертларини жалб қилиш, ўз IT-инфратузилмасини ривожлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, Вазирлик ходимларини моддий рағбатлантириш Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади; 

в) Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Вазирлик ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари Вазирлик ҳайъати томонидан аниқланади; 

г) давлат органлари ва бошқа бюджет ташкилотларининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий қилиш ва ривожлантиришга масъул бўлган ходимларига бериладиган ҳар ойлик устама миқдори ходим лавозим маошидан 100 фоиздан кам бўлмаган миқдорда белгиланади; 

д) давлат органлари ва бошқа бюджет ташкилотларининг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантиришга масъул бўлган бўлинма раҳбарлари ҳар йил якунлари бўйича Вазирлик қарори асосида ахборот тизимлари, электрон давлат хизматлари ва ахборотлаштиришни жорий этиш режалари ва дастурларининг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилганлиги учун, Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан энг кам иш ҳақининг 100 бараваригача миқдорда мукофотланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2018 йил 1 августга қадар муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи 2018-2020 йилларга мўлжалланган ҳудудларда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш дастурларини ва устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди: 

телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш, аҳолининг сифатли мобиль алоқа, Интернет тармоғидан кенг доирада фойдаланишини таъминлаш; 

соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, таълим, коммунал хизмат кўрсатиш, туризм соҳасида замонавий ахборот тизимлари, дастурий маҳсулотлар ва маълумотлар базаларини жорий қилиш, шунингдек, “ақлли” ва “хавфсиз” шаҳарлар ҳамда ҳудудларни ташкил қилиш; 

давлат-хусусий шериклик асосида инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, экспортбоп дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш; 

жойларда, айниқса, олис жойларда электрон давлат хизматларини тақдим этиш тизимини янада кенгайтириш. 

Белгиланишича, дастурларни ва лойиҳаларнинг манзилли рўйхатини молиялаштириш Фонд маблағлари ҳисобидан, тегишли ҳудуд мобиль алоқа хизматларини кўрсатадиган юридик шахслар томонидан тўланадиган абонент рақамидан фойдаланганлик учун келиб тушадиган сумманинг 5 фоизгача бўлган миқдорида амалга оширилади. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари Вазирлик билан биргаликда бир ой муддатда: 

дастурлар қабул қилинганидан кейин ҳудудий кенгашлар таркибларини тасдиқлайди, шунингдек, дастурлар ижросининг ҳар ойда кўриб чиқилишини таъминлайди; 

“Компьютерлаштириш маркази” ДУКни “Электрон ҳокимият” ахборот тизимини яратиш ва жорий этишни асосий вазифа деб белгилаган ҳолда “Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази” ДУКга айлантириш юзасидан ташкилий чора-тадбирларни кўради. 

Вазирлик ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида, шу жумладан унинг филиалларида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ўқитишнинг кредит тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди. 

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетига: 

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда ўқув жараёнининг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш суръатлари билан узлуксиз алоқасини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда ўқув режалар ва дастурлар, битирувчилар учун малака талабларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш; 

профессор ўқитувчилар таркиби меҳнатини ўқитишнинг кредит тизими шартларидан келиб чиқиб фақат таълимга хос тадбирлар асосида иш вақти хисобга олинишига асосланган ҳолда мустақил нормалашни амалга ошириш, шунингдек, педагогик ходимлар томонидан илмий-услубий, илмий-тадқиқот, ташкилий-услубий, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг бажарилишини рағбатлантириш ҳуқуқи берилди. 

Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда кредит тизими бўйича ўқитиш тартибини белгилайдиган Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси: 

бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Вазирлик ва Инспекция фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарорлари лойиҳаларини киритади; 

бир ой муддатда Вазирлик ва Инспекция тўғрисидаги янгиланган низомларни тасдиқлайди. 

Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси президенти давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикасининг бош прокурори О.Б.Муродов зиммасига юкланди.