Ўзбекистондаги инновацион ғояларга эга ёшлар ягона жамоа бўлиб бирлашади. Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ўзбекистон Миллий Университети Математика факультети бир гуруҳ иқтидорли талабалари ташаббуси билан “Инновацион ғояларни ривожлантириш ёшлар жамоаси” ташкил этилди. Жамоанинг ташкил этилишидан асосий мақсад, Республикамизда таҳсил олаётган барча иқтидорли талаба ёшлар билан биргаликда мамлакатимизнинг кўплаб соҳалари учун инновацион ғояларини саралаш ва ҳаётга жорий этишдан иборатдир. Бундан ташқари инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишда ёшларни бирлаштириб, уларнинг илмий-амалий салоҳиятини юзага чиқариш ҳамда қўллаб – қувватлаш ҳам асосий йўналишлардан биридир.
Айни жамоанинг вазифалар ва амалга ошириш лозим бўлган ишлар вазирнинг биринчи ўринбосари Бахтиёр Умаров ва Ўзбекистон Миллий Университети (ЎзМУ) ташаббускор ёшлари ўртасидаги учрашув чоғида белгилаб олинди. Эндиликда Инновацион ривожланиш вазирлиги тавсиясига кўра, Ўзбекистон Миллий Университети ташаббускор ёшлар жамоаси Юқори технологиялар маркази раҳбарияти ва вазирликнинг бир қатор мутахассислари билан биргаликда иш олиб боришади.
Ўзбекистон Миллий Университети ташаббускор ёшлар жамоаси раҳбари Содиқжон Бабаджанов Ўзбекистон Республикасида ҳар бир соҳани инновацион ривожлантиришни ташкил этиш ва бунда Ўзбекистонда мавжуд барча олий таълим муассасаларидаги турли соҳаларда таҳсил олаётган иқтидорли, изланувчан, ўзининг инновацион ғояларига эга ёшлар жамоасини тузишда ўз ташаббусини билдирди. Ўзбекистон Республикасида барча соҳаларда таҳсил олаётган талабалар ва ёшлардан иборат ҳар бир йўналишга мувофиқ кичик гуруҳлар ташкил этиш режалаштирилди.
Учрашув вақтида Инновацион ривожланиш вазирлиги инновацион ғояларни амалга оширишда кенг кўламда амалий ёрдам бериши маълум қилинди. Дастлабки йиғилишдаёқ, ЎзМУ ташаббускор ёшларига Юқори технологиялар марказида барча шарт-шароитлар яратиб берилиши белгиланди. Жамоанинг фаолиятини мунтазам равишда назорат қилиб бориш Инновацион ривожланиш вазирлиги масъул ходими Маъсумхон Ҳакимовга юклатилди. Келажакда барча ёш олимлар ва талаба ёшларни бирлаштирган ҳолда инновацион соҳаларни ривожланишда улкан натижаларга эришиш кўзда тутилмоқда. Ушбу жамоанинг ўз логотипи, шиори бўлади ва улар тез орада вилоят ёшларни ҳам бирлаштириш мақсадида ҳудудларда ҳам учрашувлар ташкил этишади.